Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Хатича МФЙда яшовчи Облоева Зебинисо Нуруллоевна ва унинг турмуш ўртоғи Исломов Фарҳод Исомиддиновичлар содда ва ишонувчан фуқароларимизни алдаб, уларнинг ишончига кириб фирибгарлик жиноятларини содир этишни ўзлари учун касб қилиб олганлардан. 

Эр-хотин ўзаро жиноий тил бириктириб, Навоий вилоятида яшовчи Ражабова Гулсара Рамазоновнанинг ишончига кириб, божхона томонидан мусодара қилиниб, автосалонга топширилган “Ласетти” русумли автомашинани арзон нархда олиб келиб беришни ваъда қилган ҳолда 8.750.000 сўм нақд пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлар. «Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» деганларидек, ўзининг қинғир қилмишларидан «илҳомланган» бу фирибгарлар ўзининг ғараз фаолиятини давом эттириб, Ғиждувон туманида яшовчи кўплаб фуқаролар, жумладан, Нарзуллоев Даврон Дилмуродовичга Вобкент туманидаги “Сарипул” автосалонидан “Малибу” русумли автомашина олиб беришини ваъда қилган ҳолда ундан 2000 АҚШ доллари, Исмоилов Ислом Исроиловичга худди шу автосалондан “Ласетти” русумли автомашина олиб беришни ваъда қилган ҳолда 5000 АҚШ доллари, бундан ташқари, Раҳматов Лазиз Қудратовичнинг ҳам ишончига кириб, божхонадан мусодара қилинган телевизорларини арзон нархларда олиб беришини ваъда қилган ҳолда 36.500.000 сўм нақд пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган. 

Халқимизда “Ўйламай қилинган иш, бошга келтирар ташвиш” деган гаплар беҳуда айтилмаган. Айнан шу иборалар сиз гувоҳи бўлаётган салбий ҳолатларга шароит яратиб берган, муғомбирларнинг найрангларига алданиб қолган фуқароларимиз учун айтилган, десак хато бўлмайди. 

Таассуфки, фуқароларимиз орасида бировни алдаш, ишонтириш орқали унинг мол-мулкини қўлга киритиш, “ишга жойлаштираман, ўқишга киритиб қўяман, машина ёки уй сотиб олишингизда кўмаклашаман, чет элга ишга юбораман” каби ваъдалар бериб, ишонувчан ва содда одамларимизнинг қулоғига бир зумда “лағмон илиб”, уларнинг жабрланиб қолишларига сабабчи бўлаётган фирибгар кимсалар сафи кенгаймоқда.

Албатта, содир этилган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик, жиноят учун эса жазо муқаррар. Хулоса чиқармоқ эса, ҳар кимнинг ўз виждонига ҳавола.

Аммо, шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, аксарият ҳолларда фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолишда ишонувчан, соддадил фуқароларимизнинг ўзлари сабабчи эмасми? Кўр-кўрона, мўмайгина даромад илинжида қуруқ ваъдалар ортидан эргашиш, етти ёт бегона кишига бир зумда ишониб, бор-бисотини қўш-қўллаб топшириш, кейин эса, бошни чангаллаб афсус-надоматлар билан унинг ортидан ялангоёқ бўлиб югуриш... Бу аслида нодонлик эмасми?

Бахтиёр Рахматов
капитан
Бухоро вилояти ИИБ