Американинг Google компанияси Google Maps хизматида фойдаланувчи тилига таржима қилишни жорий қилди. Эндиликда, мазкур хизматдан фойдаланувчи қолдирилган фикрлар, шаҳарлар, иншоотлар ва диққатга сазовор жойлар номларини ўз тилида ўқий олади. Бу ҳақда компания блогида хабар қилинмоқда. 

Google Maps хизматидан ташқари, Google қидирув хизмати орқали фойдаланилганда ҳам қолдирилган фикрлар таржима қилинади. Компаниянинг изоҳ беришича, янгилик фойдаланувчилар томонидан қолдирилган фикрларни ўз она тилида ўқишни қулайлаштиради. 

Авваллари, фойдаланувчилар қолдирган фикрлардан нусха кўчириб, таржима қилиш иловасига жойлаш талаб этиларди. Энди эса, Google Maps фикрлар ва маълумотларни қурилма тизимидаги асосий тилга ўз-ўзидан таржима қилади. 

Шундай экан, келгуси сафар узоқ юртларда бўлсангиз, шошмасдан Google Maps ва Google қидирувига тил билан боғлиқ тўсиқларни ишониб топширсангиз бўлади. 

Google компанияси 2016 йил кузида тилларни автоматик равишда таржима қилиш учун Google Neural Machine Translation System (GNMT) деб номланган янги тизимни жорий қилди. У бутун бошли гапларни таржима қилишда нейрон тармоқларидан фойдаланади. 

Умуман, нейротармоқларга киритиган тиллар рўйхатига инглиз, рус, француз, немис, испан, португал, хитой, япон, корейс, турк, ҳинди ва вьетнам тиллари киритилган.