«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоага «Тоттенҳэм» яримҳимоячиси Деле Аллини олиб келишни истамоқда. Бу ҳақда «Барселона» собиқ футболчиси Хави гапириб ўтган.

«Пеп билан суҳбатлашганимда, у биринчи навбатда инглиз футболчилари билан шартнома имзолашни ўзи учун муҳим ҳисоблаётганини англадим.

Ишончим комилки, у ёзда таркибни кучайтириш учун бутун Европа бўйлаб футболчилар қидиради. Аммо у асосий эътиборини премьер-лига футболчиларига қаратишини кутмоқдаман.

Ҳозир Англиянинг энг кучли футболчиси ким экани аниқ. У Европанинг ҳам энг яхшиларидан бири саналади. Бу - Деле Алли. Биз унинг ўзига хос жиҳатларини кўришга улгурдик. У Пеп энг яхши кўрадиган ўйин услубига мос тушадиган техник кўрсаткичларга эга, айнан Гвардиоланинг ўйинига мос тушадиган футболчи.

«Тоттенҳем» уни қўйиб юбормасликка ҳаракат қилиши аниқ, аммо «Манчестер Сити»нинг трансферлар бўйича имкониятлари қай даражада эканини яхши биламиз», дея Хавининг сўзларини келтиради The Sun.

Ҳозирда Аллини қўлга киритиш учун «Бавария», «ПСЖ» ва «Реал» жамоалари қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар мавжуд.

«Тоттенҳэм» Деле Аллини сотиб олиш истагида бўлганлар учун унинг нархини 89 миллион фунт стерлинг (105 миллион евро) деб белгилаган. Бу Поль Погба учун тўланган трансфер рекордига тенг бўлган қиймат саналади. «Манчестер Сити» ҳозирда ушбу суммани тўлашга тайёр бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, Алли «Тоттенҳэм» 2014 йилда «MK Донс» сафидан келиб қўшилган. Лондонликлар футболчи учун 5 млн. фунт стерлинг тўлаган.