Хитой ҳукумати Шинжонг мухтор туманида яшовчи Ислом динига эътиқод қилувчи уйғур ва бошқа миллат вакилларига ўз фарзандларига Муҳаммад, Жиҳод, Ислом, Мадина каби исломий исмларни беришни тақиқлаб қўйди, деб хабар беради Financial Times нашри.

«Биз муниципал ҳукуматдан Шинжонгда туғилганларга ўта диний ва айирмачиликка хизмат қилувчи исмларга эга бўлолмаслиги ҳақида билдиришномани олдик, — дейди Шинжонг мухтор тумани пойтахти Урумчидаги жамоатчилик хавфсизлиги ходими ва давом этади: — Агар оилангизда шундай ҳолат мавжуд бўлса, фарзандингизни исмини ўзгартиришингиз керак бўлади».

Исм беришнинг янги қоидаларига амал қилмайдиганлар хўжалик юритиш учун ҳуқуқлардан маҳрум бўлади, келажакда таълим олиш учун керак бўладиган зарур шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўла олишмайди, ижтимоий таъминот ва бандлик бўйича имтиёзлардан маҳрум бўлишади. 

Янги қоидалар 2015 йилдан бери амалда бўлган қоидаларнинг кенгайтирилиши ҳисобланади. Ўшанда қабул қилинган қоидаларга кўра, Хотан префектурасида «Фотима» ёки «Саддам» каби исмлар тақиқланган эди.

Минтақада яшовчи 11 миллиондан зиёд уйғур — туркий тилли лингвистик ва маданий алоқаларга эга мусулмон этник гуруҳи исм беришдаги чекловларнинг биринчи навбатдаги нишони ҳисобланади. Шинжонг эса мусулмонлик ақидасига амал қилувчи бошқа миллий озчиликлар — мўғуллар, тожиклар, қозоқлар ва хуэйлар учун ҳам ватан ҳисобланади.

Шинжонгликларнинг айтишича, янги чекловлар улар ҳар куни тўқнаш келаётган, мавжуд этник дискриминацияни кучайтиради.

«Ханлар бизни қонхўр ва жоҳил ҳисоблашади, — дейди Шинжонгнинг шимолида яшовчи этник мусулмон мўғул. — Биз мамлакат бўйлаб саёҳатга чиққанимизда улар шахсимизни тасдиқловчи ҳужжатдаги исломий исмларимизга кўзи тушиб, бизга меҳмонхоналарда қолиш, ижарага квартира олишни тақиқлашади».

2009 йилда Урумчида рўй берган қонли воқеалардан сўнг, хусусан уйғурлар, кийиниш, ибодат ва саёҳат борасида қаттиқ чекловларга дучор бўлган.

Сўнгги бир неча йил ичида исломга тегишли айрим рамзларни, хусусан соқол қўйиш ва ҳижобни тақиқлашган, ҳудуднинг 800 мингдан зиёд давлат хизматчисига диний маросимларда қатнашиш ман этилган. Ноябрь ойида маҳаллий ҳукумат Шинжонгнинг барча аҳолисига паспортларини полицияга топшириб, уни қайтариб олишда расмий тилхат талаб қилишган.

Марказий Хитой ҳукумати ҳам уйғурларни диний экстремизм ва айирмачилик фаолиятида айблаб келади. Покистон ва Афғонистон билан чегарадош ҳудуд ҳисобланувчи Шинжонг террорчи гуруҳлар учун ўз сафларига одам ёллаш ва транзит нуқтаси бўлиши мумкинлиги туфайли ҳукумат томонидан минтақада назорат ва хавфсизликнинг кескин оширилишига сабаб бўлди. Март ойида ИШИД террорчилик гуруҳининг Ироқдаги уйғур жангарилари тасвирланган, «золим Хитой коммунистик кофирлари»ни айблаётган ташвиқот видеоси пайдо бўлган эди.

Ҳудудга хорижий журналистларнинг кириши чекланган, бироқ Хитойнинг давлат ОАВлари полиция ва гумонланаётган террорчилар ўртасидаги кўп сонли тўқнашувларда қурбонлар ҳам бўлаётганини хабар қилиб турибди.

Февралда ҳарбийлашган полициячилар Шинжонгда беш кишини пичоқлаб ўлдирган, уч кишини ярадор қилган уч террорчини отиб ташлаган эди. Бу воқеадан бир ой муқаддам ўтган йилнинг 15 апрелида юз берган ва Хитой ОАВларида эълон қилинмаган тўқнашувларда иштирок этгани гумон қилинган бошқа уч уйғур ҳам отиб ташланган эди.