"Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази оила ва никоҳ, фарзанд тарбияси, фуқароларнинг ижтимоий мақсад ва интилишларига бағишлаб сўров ўтказди. Унда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан турли аҳоли қатламлари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

Сўров натижаларига кўра, йигитлар 24-25, қизлар 21-23 ёшда оила қуриши мақсадга мувофиқ, деган фикрдаги фуқаролар кўпайиб бормоқда. Шунингдек, ёшлар оила қуришдан аввал таълим олиши, касб эгаллаши, иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиши зарур. 

Иштирокчиларнинг фикрича, ёшларнинг турмушга тайёрлиги уларнинг маънавий етуклиги ва оиласи учун масъулиятни зиммасига олишга тайёр экани билан белгиланади. 

Сўров давомида аҳолининг аксарият қисми (99,4 фоизи) ота-она розилиги бўлажак оиланинг бахтли ва аҳил бўлишида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган. 

Тадқиқотда айрим ота-оналар турли сабаблар туфайли фарзанд тарбиясига етарлича эътибор бермаётгани ва бу масалага масъулият билан ёндашмаётгани ҳам маълум бўлди. Иштирокчиларнинг тўртдан бир қисми фарзанди мактабда дарсга қатнашмаётганини тан олган ва буни уларнинг ўқишга қизиқиши йўқлиги ёки оилавий аҳволи яхши эмаслиги билан изоҳлаган. Ҳар ўнинчи ота-она фарзанди бўш вақтини қандай ўтказаётгани, мобиль телефондан қандай мақсадларда фойдаланаётгани билан қизиқмайди ва бу борада боласига ишонишини қайд этган. 

Ўтказилган мониторинг аҳолининг катта қисми (90,7 фоизи) оилаларнинг ажралишига салбий муносабатда эканини кўрсатди. Фуқаролар оила бузилишига асосан ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, уларда ҳаётий тажриба етишмаслиги, бир-бири билан муроса қила билмаслиги, келишмовчиликларнинг олди олинмаётгани, вақтинчалик моддий қийинчиликлар, эр-хотиннинг феъл-автори бир-бирига мос келмаслиги сабаб бўлаётганини қайд этган.