«Реал» ҳимоячиси Даниэл Карвахал ва «Барселона» ҳужумчиси Луис Суарес «Класико» пайтида тортишиб қолишган.

AS хабарига кўра, «Қироллик клуби» ҳимоячиси Серхио Рамос майдондан четлатилганидан кейин рўй берган ўзаро тўқнашув вақтида Карвахаль уругвайлик футболчига шундай деган: «Ювентус»га 0:3 ҳисобида ютқазганларинг ёддан чиқдими? Испания Кубогида ўйнаш учун яхшилаб дам олинглар. Уйда Чемпионлар лигасини томоша қилинглар».

Испания чемпионатининг 33-тури доирасидаги баҳс «Реал» майдонида кечди ва «Барселона»нинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

«Барселона» ЕЧЛнинг чорак финалида «Ювентус»га икки учрашув натижасига кўра мағлуб бўлиб турнирни тарк этган. Каталонияликлар Испания кубогининг финалида 27 май куни «Алавес»га қарши ўйнайди.