Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг фикрича, ҳозирги кунда халқаро муносабатлардаги вазият “совуқ уруш” пайтидан ҳам оғирроқ экан.

"Албатта, ҳозир оғирроқ... Ўша пайтда икки империя: Ғарбий ва Советлар бор эди. Уларнинг ҳар бири рақиб билан учинчи мамлакатлар ҳудудида можаролар келтириб чиқаришга уринган. Бироқ ҳеч қачон ўз чегараси яқинида ва тўғридан-тўғри бу иш қилинмаган. Ҳаттоки баёнотлар ҳам анча юмшоқроқ бўлганди. Ўшанда ҳар икки лагерь белгиланган чизиқни кесиб ўтмаган. Бугунги кунда эса бундай қоидалар бошқа йўқ", - дея вазирнинг сўзларини келтирган Esquire журнали.

Шу билан бирга, Россия ташқи сиёсат идораси раҳбарининг айтишича, у ва АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон муносабатларни бир маромга келтиришнинг уддасидан чиқишди, ҳамда унинг таъкидлашича, барча давлат котиблари билан “яхши муносабатларда” бўлган. Лавровнинг тан олишича, турли давлат дипломатлари бир-бирларига қарши кескин гаплар айтиши мумкин, кейин эса улар шахсий мавзуларда бемалол мулоқотга кириша олади.