Англия чемпионшипининг 44-турида "Ньюкасл" клуби ўз майдонида "Престон"ни 4:1 ҳисобида тор-мор этиб, кейинги йил Англия Премьер-лигасида иштирок этиш ҳуқуқини ўзига кафолатлаб қўйди. "Ҳаккалар"га АПЛга қайтиш учун бир мавсум кифоя қилди. Клуб 2015/16 йиллардаги мавсум натижаларига кўра 18-ўринни эгаллаб, қуйи чемпионатга тушиб кетганди. 

"Ньюкасл" АПЛдан чиқиб кетиб, унга бир мавсумда қайтишга муваффақ бўлган 21-жамоа бўлди. "Ньюкасл"дан ташқари, чемпионшип етакчиси "Брайтон" ҳам АПЛга йўл олди.

АПЛга яна бир йўлланма учун "Рединг", "Шеффилд Уэнсдэй", "Хаддерсфилд", "Фулхэм" ва "Лидс" жамоаларидан 4 таси кураш олиб боради. Ҳозирда чемпионшип  якунланишига 2 тур қолди.

"Ньюкасл" бош мураббийи Рафаэль Бенитес ўзи мураббийлик қилаётган клубни бир поғона юқори дивизионга учинчи маротаба олиб чиқди, аввал у бундай натижага "Экстремадура" (1997/98) ва "Севилья" (2000/01) испан клублари билан эришганди.