Хитой раҳбарияти Корея ярим ороли билан боғлиқ вазият кескинлашгани туфайли КХДР билан чегарада қўшимча 100 минг кишилик ҳарбий гуруҳни жойлаштирди. Шу билан бирга, ХХР қуролли кучларининг тайёргарлик даражаси ҳам оширилди, деб хабар бермоқда Япониянинг Yomiuri газетаси Хитойдаги манбаларига асосан.

Газета маълумотига кўра, бундай чоралар апрель ойи ўрталаридан қабул қилинган.

АҚШ сўнгги пайтларда КХДРга нисбатан бир неча ҳаракатлар варианти кўриб чиқилаётганини бир неча бора маълум қилганди. Шимолий Корея эса ўз ракета-ядро дастурини ривожлантириш билан банд. Хусусан, ўтган йили Пхеньян иккита ядро синовини ўтказди ва турли хилдаги 20та баллистик ракетани учирди. Айни дамда эса КХДР шимоли-шарқидаги полигонда барчаси ядро қурилмасининг олтинчи марта портлашига тайёр турибди.

Корея ярим оролига АҚШ ҲДКнинг Carl Vinson ("Карл Винсон") авиаташувчиси бошчилигидаги зарба гуруҳи яқинлашиб келмоқда. Шу билан бирга, у Япониянинг "Асагара" ва "Самидарэ" эсминецлари билан машқлар ўтказмоқда. Улар ягона бирлашма таркибида ўзаро ҳаракатларни ишлаб чиқишмоқда.

Тахминларга кўра, зарба гуруҳи Корея бўғозидан, Цусима ороллари ёнидан ўтиб кетади ва Япон денгизида жойлашади. Yomiuri газетасининг хабар беришича, айнан ўша ерда бу бирлашма ва Япония ҲДКнинг янги машқлари бўлиб ўтади. Шунингдек Жанубий Корея ҲДК билан ҳам машқлар ўтказиш режалаштирилган.