Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Кун.uz’га Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 апрелдаги 206-сон “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш тизимини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори бўйича маълумот берди.

Айтилишича, қарорда давлат суд экспертларини малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш тизимини ташкил қилиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг экспертиза тадқиқотларига бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб, марказнинг Бухоро, Жиззах, Навоий ва Наманган ҳудудий бўлимларини ташкил этилди.

Қарор билан Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Юқоридаги Низом ва Давлат талабларида давлат суд экспертларининг малакасини ошириш суд экспертиза муассасаларига эга бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш эса Марказ ҳузурида ташкил этилаётган Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув маркази томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Шу сабабли, қарорда Марказ ҳузурида ташкил этилаётган Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув марказини ташкил этиш ҳам назарда тутилган.

Бундан ташқари, қарор билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 2012 йил 14 ноябрдаги 321-сон қарорига тегишли ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳам назарда тутилган.

Мазкур қарор суд экспертиза фаолиятининг янада такомиллашувига, давлат суд экспертларини малакасини ошириш тизими ташкил қилинишига, шунингдек суд экспертизасининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.