Республикамизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Афсуски, бу каби изчил ислоҳотларнинг самарадорлигига путур етказаётган айрим қўш тирноқ ичидаги тадбиркорлар ҳам учраб турибди-ки, улар нафақат давлатга  иқтисодий зарар етказишади, қолаверса, юртдошларимиз саломатлигини ҳам жиддий хавф  остига қўйишади.

Халқимиз корига яраб, давлатимизга наф келтираётган тадбиркорлар сони кун сайин ортиб борар экан, уларнинг виждонан, қонуний ва эркин фаолият юритишларига халақит бериб, ҳалол рақобат муҳитини издан чиқаришга уринаётган сохта тадбиркорлар ҳам учраб турибди.

Улардан бири Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи Н.Маъруфовдир. Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билар ҳамкорликда унинг хонадони ўрнатилган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ушбу шахс давлат рўйхатидан ўтмасдан туриб, қонунга хилоф равишда тадбиркорлик билан шуғулланиб келганлиги маълум бўлди. Яъни Н.Маъруфов ўз уйида қўлбола цеҳ - мойжувоз фаолиятини йўлга қўйиб, сифатсиз ва инсон саломатлиги учун зарарли бўлган пахта ёғини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

Тезкор тадбир давомида ушбу хонадонда 1880 кг. чигит, 227 кг. кунжара ва 180 литр қўлбола усулда тайёрланган пахта ёғи қонунбузарлардан ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ачинарлиси шундаки, ёғ ишлаб чиқариш учун мўлжалланган ушбу чигитлар аслида уруғлик чигитлар бўлиб, уларга кимёвий заҳарли дорилар билан ишлов берилган. Шу сабабли, улардан тайёрланган пахта ёғи инсон саломатлиги учун ўта хавфли ҳисобланади.

Қинғир қилмишлари билан юртдошларимиз соғлигига хавф туғдиришга уринган кимсалардан яна бири Ф.Мадалимовдир. Фарғона вилояти божхоначилари томонидан ушбу шахс бошқарувидаги автомашина тўхтатиб текширилганда, навбатдаги найранг фош этилди.

Қарангки, Ф.Мадалимов автомашинанинг олд буфери ва капоти ичига салкам 100 кг. шоколадларни яширган ҳолда олиб киришга уринган экан. Муаммонинг жиддий тарафи шундаки, божхона қонунчилигига риоя қилишни истамаган ҳуқуқбузар одатда тез эрувчан шоколадларни машинанинг шундоққина мотори устига жойлаштирган.  Ҳаракатланиш пайтида машина мотори қизиши ва шоколадларнинг эришини инобатга олсак, ушбу озиқ овқат маҳсулотига заҳарли моддалар ўрнашиши ва инсон саломатлиги учун хавф туғдириши мумкинлигини Ф.Мадалимов ўйлаб ҳам кўрмаган.

Шунингдек, Фарғона туманининг чегарадош ҳудудида ҳаракатланган Нексия автомашинаси ҳайдовчиси Ж.Мирзараҳимов ҳам дастлаб қочишга уринди. Бу эса бежизга эмас экан. Тезкор тадбир давомида қўлга олинган ушбу шахс қўшни давлатдан айланма йўллар орқали қиймати салкам 27 млн. сўмлик 7 турдаги ўсимлик зараркунандаларига қарши мўлжалланган кимёвий воситаларни ҳеч қандай ҳужжатларсиз божхона назоратидан четлаб ўтиб, олиб киришга уринган экан.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Ҳусен Тангриев
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати катта инспектори