Туркия Ҳарбий ҳаво кучлари 25 апрель тонгида Сурия шимоли ҳамда Ироқда курдларнинг позицияларига давомли зарбалар йўллади.

Туркия Бош штабининг маълум қилишича, Ироқ шимолидаги Синжар тоғлари ҳамда Сурия шимоли-шарқидаги Қорачоқ тоғларида ўтказилган амалиётлар натижасида Курдистон ишчилар партиясининг объектлари йўқ қилинган.

«Сурия ва Ироқдаги КИП террорчилари шимолдаги ҳудудлардан Туркияга жангарилар, қуроллар ва портловчи моддалар ўтказиш билан шуғулланади», дейилган Туркия Бош штаби хабарида.

Курдистон ишчилар партияси Туркияда  террорчи гуруҳ сифатида эълон қилинган. Анқара Сурия шимолидаги курдларнинг Халқ мудофаа отрядларини ҳам КИП билан алоқадор ҳисоблайди.

Курдларнинг «Рудау» телеканали маълум қилишича, Туркия самолётлари берган зарбалар оқибатида Халқ мудофаа отрядларинининг 18 жангчиси, шунингдек Ироқдаги пешмерг бўлинмаларининг 5 вакили ҳалок бўлган.