Туркия халқаро ҳамжамиятни Сурияга гуманитар ёрдам бериш бўйича мажбуриятларини бажармасликда айблади. Туркия бош вазири ўринбосари Вайси Кайнак 3 млн дан кўпроқ суриялик қочқинни қабул қилган Туркия "ёлғизлатиб қўйилганини" айтди.   

Кайнак Яман бўйича гуманитар анжумандаги нутқида Туркия айни вақтда 3 млн дан кўпроқ сурияликни қабул қилганини маълум қилди. 

"Бизни Туркиянинг ёлғизлатиб қўйилгани ранжитмоқда. Сурия борасида берилган ваъдалар бажарилмади. Сурияга бериладиган ёрдамга зарур ҳисса амалга оширилмаган", деб айтди Кайнак.

Суриядаги қуролли ихтилоф 2011 йил мартидан бери давом этмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ихтилоф давомида 220 мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлган. Сурия билан қўшни давлатлар гарданига қочқинларни қабул қилиш ва сақлаш бўйича асосий юк тушмоқда. БМТ расмий маълумотларига кўра, Иордания 630 минг сурияликни қабул қилган. Бироқ Иордания ҳукумати 1,4 млн сурияликни қабул қилганини таъкидламоқда. Туркия эса 2,8 млн сурияликни қабул қилган. Сурияликларни шунингдек Ливан, Ироқ ва Миср ҳам қабул қилмоқда.