Швейцариянинг TVO телеканали Санкт-Галлен шаҳридаги ярмаркада импровизациялаштирилган студияни ўрнатди, бу ерда истаган одам ўзини об-ҳаво маълумотини етказувчи бошловчи сифатида синаб кўриши мумкин. Матнни ностандарт ўқиб берган Мика исмли болакай ижтимоий тармоқларда машҳур бўлиб кетди. Унинг иштирокидаги ролик FM1Today саҳифасида тақдим этилди. 

Афтидан, Мика об-ҳаво ҳақида тез ва баланд овозда гапиришга тўғри келишини кутмаган кўринади. Болакай немис тилида сўзлагани учун эса, воқеа янада "ваҳимали" тус олди.

"Лондон - булутли ва ёмғирли. Мадридда булут ва ёмғир. Санкт-Галлен - қуёшли ҳаво! Варшава... Вой! Лондон - 6 даража, Мадрид - 10 даража, Санкт-Галлен - 26 вергул ноль даража, Варшава - саккиз даража", - дея шошиб сўзлаган Мика.

Шундан кейин бола Швейцариянинг турли ҳудудларидаги  ёғинлар ва ҳарорат ҳақида маълумот беради. 

Кутилмаган машҳурликка қарамай, Мика синоптик бўлмоқчи эмас. У келгусида жониворлар тадқиқотчиси бўлишни ният қилган. "Мен жониворларни яхши кўраман, айниқса катта мушуклар ва йиртқич қушларни", - дейди у.

Саҳифада шунингдек бошқа болалар ва катталарнинг ҳам "об-ҳаво ҳақида берган маълумотлари" тақдим этилган.