Архитектор Чангиз Теҳроний Нидерландиядаги бинонинг ташқи томонига жило беришда эмодзи смайликларидан фойдаланди. У Амерсфортдаги бино лойиҳасини тайёрлашда ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган смайликларни қўллашга аҳд қилди. 

Уй фасадини безаш учун турли ҳиссиётларни акс эттирувчи 22 смайликдан фойдаланилган. Уларнинг дизайни WhatsApp мессенжерида қўлланиладиган смайликлар намуналаридан олинган. Улар прес-шакллар ҳосил қилиш мақсадида 3D-моделларга айлантирилган.

Теҳронийнинг сўзларига кўра, авваллари архитекторлар биноларни қироллар ва горгуллар ва тарихий тимсоллар билан безашган. Унинг фикрича, 21-аср тимсолига айланган смайликлар «замонавий горгуллар» бўлиши мумкин. 

Теҳроний лойиҳалаштирган бино — кўп функциялидир. Унинг биринчи қаватида дўконлар, устки қаватларида тураржойлар жойлашади. У кутубхона, театр ва мактаб қаршисидаги унча катта бўлмаган жойда қурилган. Архитектор талабалар ва мактаб ўқувчилари бинони жуда кўп суратга туширганлари сабабли зерикарли бетон бинони қизиқарли лойиҳага айлантиришнинг уддасидан чиқдим, деб ҳисобламоқда.