Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЮНИСЕФ ва ЖССТ болаларни касалликларга қарши эмлашни илгари суриш кампаниясини ўтказадилар

ТОШКЕНТ, 2017 йил 24 апрель – Апрель ойининг сўнгги ҳафтаси Жаҳон эмлаш ҳафталги сифатида нишонланади. Бундан кўзланган мақсад болалар ва оилаларнинг ҳаётини сақлаб қолувчи ва ҳимоя қилувчи вакциналарни тарғиб қилишдир. 2017 йил 24-30 апрель кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мамлакатда эмлашни тарғиб қилишга бағишланган кампанияни амалга оширишда Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўмаклашадилар.

Эмлаш болалар ҳаёти ва келажагини ҳимоя остига олишнинг энг самарали усулларидан бири ҳисобланади. Шунга қарамасдан, дунё бўйича мавжуд ҳолат таҳлил қилинганида 
19,4 миллион чақалоқ ҳамма керакли вакциналарни қабул қилмаётганлиги маълум бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра эмлаш ҳар йили 2-3 миллион инсон ҳаётини сақлаб қолади. Айни вақтда, агар дунё бўйлаб эмлаш қамрови кенгайтириладиган бўлса, қўшимча 1,5 миллион инсон ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўлади. 

“Ҳаражат ва фойда таҳлиллари олиб борилганида шу нарса маълум бўлдики, вакциналарга сармоя сифатида йўналтирилган ҳар бир АҚШ доллари 2020 йилга келиб 16 баробар фойда келтириши мумкин экан ва бу ҳисоб-китоб аҳоли даромади ўрта даражада бўлган мамлакатларга ҳам тааллуқли,”- деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауман. “Ҳукумат, ҳамкор ташкилотлар ва ҳамжамиятлар билан биргаликда ишлар экан, ЮНИСЕФ  эмлашга бўлган талабни ошириш ҳамда биронта бола бундан четда қолмаслиги учун ёндошувларни такомиллаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган,”- деб таъкидлади у. 

Ўзбекистон 2015 йилда янги пневмококк вакцинасини қўллашни бошлади. Ушбу вакцина менингит, бектеремия, ўрта отит, синусит ва бронхит инфекцияларидан ҳимоя қилади. ЖССТ маълумотларига кўра, биргина 2015 йилнинг ўзида пневмония туфайли 922  мингга яқин беш ёшга тўлмаган болалар ҳаётдан кўз юмганлар ва бу кўрсаткич мазкур ёш гуруҳидаги жаъми ўлим ҳолатларининг 15 фоизини ташкил этади. Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги болалар ушбу ҳалокатли касалликдан янада яхши ҳимояланганлар. 

Шунингдек, Ўзбекистон полиомиелит, қизамиқ, бўғма ва қоқшол каби касалликларни ҳам муваффаққиятли равишда бартараф этган. Бундай натижага эришишда эмлаш кампанияларининг ҳиссаси катта бўлди. 1996 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ёввойи вирус орқали юзага келган полиомиелит ҳолатлари кузатилмаган. 2002 йилда Ўзбекистон ЖССТнинг полиомиелитдан ҳоли мамлакат сертификатига эга бўлди. 

“Мунтазам равишда эмлашни йўлга қўйиш соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғими учун тамал тошидир, демакки бу бутун соғлиқни сақлаш хизматларининг пойдеворидир. Бугунги кунда, янги вакциналар ишлаб чиқилганлиги сабаб, биз янада кўпроқ болаларни ҳалокатли ва оғир кечадиган касалликлардан ҳимоя қилиш имкониятига эгамиз. Бироқ вакциналар мавжудлигининг ўзи унга муҳтож ҳар бир болага ушбу вакциналар етказилди дегани эмас. Шунинг учун ҳам ЖССТ турли давлатлар ҳукуматлари ва ўз ҳамкорлари билан бутун дунё миқёсида вакциналар қамровини ошириш устида иш олиб бормоқда,” -  деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги вакили, доктор Лиан Капенс. 

“2016 йилда Ўзбекистон эмлаш қамрови бўйича 99.7% кўрсаткичга эришди. Биз ушбу юқори қамров кўрсаткичини сақлаб қолиш ва вакциналар харид қилиш учун маблағлар таъминоти барқарор бўлишини таъминлаш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз,” - деди  Соғлиқни сақлаш вазирлиги Эмлаш бўйича кенгайтирилган дастур менежери, доктор Дилором Турсунова. “2014 йил июнь ойида соғлиқни сақлаш тизими ротавирус вакцинасини қўллашни бошлади. Натижада, Вирусология илмий-текшириш институти томонидан ўтказилган тадқиқот хулосаларига кўра ўткир диарея билан касалланиш кўрсаткичлари 30 фоиз камайди,” – деб қўшимча қилди у.  

Жаҳон эмлаш ҳафталигидан кўзланган асосий мақсад болалар саломатлигини таъминлаш ва 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш аҳдларига содиқлигимизни яна бир бор таъкидлашдан иборат.

Қўшимча маълумот учун мурожаат қилишингиз мумкин:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: доктор Дилором Турсунова, 
Эмлаш бўйича кенгайтирилган дастур менежери 
Телефон: +99871 239 47 21 
Эл.почта: dilorom.tursunova@minzdrav.uz

ЖССТ: Камола Сафаева, 
Вакциналар орқали олди олинувчи касалликлар ва эмлаш бўйича маслаҳатчи
Телефон: +998 71 281 51 72/73/74
Эл.почта: safaevak@who.int

ЮНИСЕФ: Наргиза Эгамбердиева, 
Жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчи 
Телефон: + 998 93 380 34 19
Эл.почта: negamberdieva@unicef.org