Ҳозирда Шимолий Корея соҳилларига яқинлашаётган, Carl Vinson авиаташувчи кемаси бошчилигидаги АҚШнинг зарба берувчи кемалар гуруҳи баллистик ракеталарни уриб тушира олмайди, деб ёзмоқда Bloomberg ахборот агентлиги. 

Tamahawk қанотли ракеталари ва кемаларга қарши ракеталар билан жиҳозланган ҳамда бортида Super Hornet қирувчи самолётларини олиб кетаётган Carl Vinson кемаси ракеталарга қарши мудофаани таъминлай олмайди. 

Кемани Wayne E. Meyer ва USS Michael Murphy эсминецлари ҳамда Lake Champlain крейсери кузатиб бормоқда. Ахборот агентлигининг таъкидлашича, бу кемалардан бирортаси узоқ масофаларга мўлжалланган баллистик ракетани кузатувчи Aegis тизимлари ёки SM-3 ушлаб олувчи ракеталари билан жиҳозланмаган.

АҚШнинг бу кемалар гуруҳига қўшилган Ashigara ва Samidare япон эсминецлари ҳам ракеталарга қаршилик кўрсатиш имкониятига эга эмас.