Американинг Google интернет гиганти сингари Alphabet холдинги таркибига кирувчи  Waymo компанияси Аризона штати Финикс шаҳрида йўловчиларни муқобил машиналарда манзилларига элта бошлади. Ушбу амалиёт синов тариқасида ўтказилаётгани ҳақида Waymo компаниясининг расмий сайтига жойлаштирилган баёнотда маълум қилинган

Компания маълумотларига кўра, маҳаллий аҳоли вакиллари орасидан кўнгиллиларга синов дастурида иштирок этиш таклиф этилган. Улар махсус мобил илова ёрдамида компьютерда бошқариладиган Waymo автомобилини чақириши ва кун мобайнида ундан бепул такси сифатида фойдаланиши мумкин бўлади. 

Албатта, компания дастурда неча киши иштирок этаётганига ойдинлик киритмаган. Бироқ, келгусида бунинг учун Финиксда юзлаб кишиларни танлаб олиниши айтилмоқда. Айни вақтда, бу хизмат шаҳарнинг бир неча тумани билан чегараланган. Waymo мутахассислари, ўз автомобилларини такомиллаштириш учун мижозларнинг эътироз ва таклифларини инобатга олишмоқда. Таъкидланишича, ҳозирча, ушбу муқобил машиналарда ҳар эҳтимолга қарши ҳайдовчилар бор. 

Waymo автопарки 100 дона Fiat Chrysler минифургонларидан иборат. Уларнинг қанчаси Финиксдаги синовларда қўлланилаётгани ҳам маълум қилинмаган. Машиналарга йўл ва атрофдаги вазиятни кузатиш имконини берувчи датчиклар ҳамда ҳайдовчи вазифасини бажарувчи компьютер ўрнатилган. Аввалроқ, Waymo муқобил бошқарувга эга яна 500 дона автомобилга буюртма бериши ҳақида хабар қилган эди. 

Бир қатор технологик компаниялар ишончли ва хавфсиз муқобил автомобиллар ишлаб чиқариш устида иш олиб боришмоқда. Улар орасида Volkswagen Group of America, Uber, Mercedes-Benz, Tesla, Nissan, BMW, Honda, Ford ва бошқалар бор. Американинг бир неча штатларида шундай машиналар аллақачон синовдан ўтмоқда.