Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри собиқ ҳокими Наримон Тулеев мамлакат президентидан ёрдам сўрамоқда. У бу ҳақда журналистлар билан учрашувда маълум қилган, деб хабар берди knews.kg.

Тулеевнинг сўзларига кўра, унинг мол-мулки ноқонуний равишда мусодара этилмоқда.

«Ҳурматли Алмазбек Шаршенович, мол-мулкни мусодара қилиш билан боғлиқ чегарасиз хатти-ҳаракатларга эътибор қаратишингизни сўрайман. Илтимос, буни тўхтатинг», - дея маълум қилди у.

Аввалроқ собиқ ҳокимга тегишли бўлган Sapat Center биноси олиб қўйилиб, молиявий полицияга берилгани ҳақида хабарлар тарқаганди.

Наримон Тулеев 2012 йилнинг 21 июнида ўз уйида қўлга олинган ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг вақтинчалик сақлаш изоляторига олиб кетилганди. Уни Бишкек учун автобус ва махсус техника харид қилган ҳолда, давлатга 1 млн. 400 минг АҚШ доллари миқдорида зарар келтирганликда айблашди.

2016 йилнинг 7 май куни у озодликка чиқди.