Чернобил АЭСдаги авария вақтида қўлланган барча техника АЭС атрофида ташкил этилган хавфли ҳудуддан йўқолиб қолди. 

АЭСда портлаш юз бергандан кейин 100 мингга яқин ҳарбий ва фуқаролик техникаси фалокат оқибатларини бартараф этишда қўлланган. Техника радиациянинг фалокатли дозалари билан зарарлангани сабабли, уни хавфли ҳудудда қолдиришга қарор қилинган. Бироқ сунъий йўлдошдан олинган суратларга кўра, 30 йилдан кейин техника ташлаб кетилган жой бўшаб қолган.

Бу орада сталкерлардан (хавфли ҳудудларни қидириш ва ўрганиш билан шуғулланувчи шахс) бири мародёрлар хавфли ҳудудда ташлаб кетилган квартиралардан иситиш батареяларини кесиб олиб, уларни олиб чиқиб кетишаётганини яширин камерага олган.

Шунингдек, ҳудуддаги бир неча гектар ўрмон ҳам чопиб олинган. Сталкерларнинг айтишича, ўрмон бир неча ойгина олдин чопиб олинган. Бу ҳудуддан олиб чиқиб кетилган металл ва ёғоч қайта ишланиб, ишлаб чиқаришда қўлланиши мумкин. Ҳеч нарсадан хабари йўқ одамлар эса улкан дозадаги радиация билан зарарланган маҳсулотларни харид қилишлари мумкин.
 
Эслатиб ўтамиз, роппа-роса 31 йил аввал, 1986 йил 26 апрелда АЭСнинг 4-блокида турбогенератор синовдан ўтказилиши вақтида портлаш юз бериб, ёнғин чиққан. Авариядан кейин АЭС атрофида 30 км лик хавфли ҳудуд ташкил этилган ва бугунги кунда бу ҳудуддаги радиация миқдори мумкин бўлган меъёрдан минг чандон кўпроқни ташкил қилади.