Жанубий Американинг Тинч океани соҳиллари бўйлаб жойлашган Чили давлатида юз берган 6,9 баллик ерости силкинишидан сўнг 130дан ортиқ такрорий силкинишлар қайд этилди. Бу ҳақда Миллий сейсмология маркази директори ўринбосари Марио Пардо маълум қилди.

"24 апрелдаги зилзиладан кейин 134 марта, шанба (22 апрель) кунги 5,9 баллик ер қимирлашидан сўнг 271 марта афтершок рўй берди", - деган Пардо 24Horas телеканалида узатилган эфирда.

Пардо, шунингдек, ушбу ҳудудда такрорий кучли зилзила рўй бериши эҳтимолини рад этмади. Бироқ, 8 ва ундан юқори баллдаги ер силкинишлари "эҳтимоли жуда кам".

Миллий сейсмология маркази маълумотларига кўра, 6,9 баллик зилзила маркази Вальпараисо шаҳридан 72 км ғарбда, 13,2 км чуқурликда бўлган. Бу ерда 282 мингдан ортиқ инсон истиқомат қилади. Ҳозирча, жабрланганлар ва жиддий талофатлар хусусида маълумотлар мажуд эмас. 

Зилзиладан сўнг, Вальпараисо ва О'Хиггинс ҳудудларида эвакуация эълон қилинди. Бироқ, Чили ҲДК гидрография ва океанография хизмати цунами хавфи йўқлигини айтганидан сўнг, ҳалокат ишораси бекор қилинди. Ерости силкинишлари Аргентинанинг Мендос, Сан-Хуан ва Кордова шаҳарларида ҳам сезилган.