"Дўст ва биродар Ўзбекистон - тараққиёт бешиги, бой маънавий ва маданий меросга эга юрт. Стратегик жойлашувига кўра, Ўзбекистон минтақадаги барқарорлик манбаи ҳисобланади", - деди Туркия ТИВ раҳбари Мавлуд Човушўғли ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан кечган учрашувда. "Анадолу" агентлиги шу ҳақида хабар берди.

Човушўғли Анқаранинг Тошкент билан муносабатлари ривожидан манфаатдор экани ҳамда икки томон ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик тамойилларига асосланган муносабатларни мустаҳкамлаши зарурлигини таъкидлади. 

Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат ТИВнинг сиёсий маслаҳатлашувлари саккизинчи раунди доирасида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, ҳарбий-техника, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. 

Учрашувда томонлар кун тартибидаги долзарб муаммоларни кўриб чиқишди. 

Музокаралар якунига кўра, икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2017-2018 йиллар учун Ҳамкорлик дастури имзоланди.