Тегишли майдонга эга бўлган мактаблар синфларида ўқувчилар сони 35 нафардан ортиб кетиши керак эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Дониёров таълим сифати ва самарадорлигини оширишга оид ишларга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.

Янги таълим стандартларига кўра, қатор фанлар рўйхати бўлиб, уларда 25 нафар ва ундан кўп ўқувчилар бўлган синфларни икки гуруҳга ажратишга рухсат берилади. Бу хориж тили дарслари, махсус мактаблардаги чуқур ўрганиш фанлари (I-IX синфлар), информатика ва технологиялар дарслари (V-IX), жисмоний тарбия (VIII-IX), ўзбек тили (таълим олишнинг бошқа тили бўлган мактабларда) ва рус тили (II-IX синфлар). Бироқ буларнинг бари етарли даражада малакали ўқитувчилар бўлсагина рўй беради.

Олис аҳоли пунктларида умумтаълим масканлари филиаллари ташкил этилади. Улардаги ўқувчилар сони 100 нафаргача бўлади. Бошқа умумтаълим масканларига яқинлиги ҳамда моддий-техник базасидан келиб чиқиб, ўқувчилар сони 180 нафаргача бўлган умумтаълим муассасалари ҳам филиалларга айлантирилиши мумкин.

Бундан ташқари, узоқ вақт стационар даволанишда бўлиши талаб этиладиган ўқувчилар, умумий ўрта таълимни стационарнинг ўзида олиши мумкин бўлади.

Янги қоидалар Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 15 мартидаги “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда 6 апрелдаги "Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорлари билан белгиланди.