Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Reuters ахборот агентлигига берган интервьюсида Башар Асад Сурия президенти бўлиб қолар экан, Сурия ихтилофини ҳал қилиб бўлмаслигини айтди.  

"Асад Суриядаги вазиятни ҳал қилишнинг ечими ҳисобланмайди. Ечим пайдо бўлиши учун Сурияни Асаддан халос этиш керак", деб айтди Эрдўған. Унинг айтишича, "Асад ҳокимият тепасида қолар экан, ечимни яратиб бўлмайди".

Бундан ташқари, Эрдўған "Владимир Путин, Дональд Трамп, Туркия, Эрон, Саудия Арабистони, Қатар Сурияда ечимни топишга уринишда фаол роль ўйнаганини" таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, "барча бирлашиб, Сурияга ўз ечимини қабул қилишда ёрдам бериши мумкин".    

"Асад юз минглаб одамларни ўлдирди ва менинг давлатимда 3 млн қочқин, Ливанда 1,5 млн қочқин, Иорданияда эса 1 млн қочқин бор ва бу одамлар ўз юртларидан қочганлар", деб айтди Эрдўған. Эрдўғаннинг қўшимча қилишича, Асад бу кўргуликларнинг сабабчисидир ва шу туфайли Сурия халқига етакчи танлашга имкон бериш керак. Ахборот агентлигининг таъкидлашича, Эрдўған Асаднинг ўрнини эгаллайдиган кўплаб номзодлар борлигига ишончи комил.