Украина президенти Пётр Порошенко Европа иттифоқи элчилари Украинага визасиз режим тақдим этишни тасдиқлашгани ҳақида хабар берди. У бу ҳақда Чернобилда Беларусь раҳбари Александр Лукашенко билан учрашув вақтида маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.

«Ҳозиргина ЕИ Кенгаши элчилар даражасида Украинага визасиз режим тақдим этиш борасида тарихий қарор қабул қилди. Украина учун Европага эшиклар очиқ. Айни дамда ЕИ Кенгашининг вазирлар даражасида қарор қабул қилиши лозим ва жараён якунланади», - дея айтиб ўтган Порошенко. Унинг сўзларини 112.ua келтирди.

ЕИ билан виза режимини либераллаштириш Киев ташқи сиёсатининг асосий мақсадларидан бири саналади. 6 апрель куни Европа комиссиясининг Украина фуқаролари учун визаларни бекор қилиш борасидаги таклифи Европарламент томонидан қўллаб-қувватланди.

ЕПда ва Европа иттифоқига аъзо-давлатлар доимий вакилларининг овоз бериш жараёнидан сўнг, қарор ЕИ Кенгаши томонидан тасдиқланиши керак.

Кейинчалик ҳужжат Европарламент президенти ва ЕИда раислик қилувчи давлат вакили томонидан имзоланиши лозим. Шундан сўнг қонунчилик акти Европа иттифоқи расмий журналида эълон қилинади. Қарор у эълон қилинганидан 20 кун ўтиб кучга киради.