АҚШ президенти Дональд Трампнинг ёрдамчиси ҳисобланувчи қизи Иванка Трамп Германияга сафари чоғида отасининг Сурияга зарба бериш қарорига таъсир кўрсатмаганини билдирди. 7 апрель куни Дональд Трамп Суриянинг Хомс вилоятидаги ҳукумат авиабазасига ракета зарбаси бериш хусусида кўрсатма берган эди. Иванка сўзларидан ABC телекомпанияси иқтибос келтирмоқда. 

"Бу нотўғри тушуниш бўлган", - деган Иванка Берлинда журналистлар билан учрашувда. У Сурияда кимёвий қурол фойдалангани ҳақидаги Америка ОАВ хабарларидан сўнг, отасидан ушбу мамлакатга зарба беришни сўрагани хусусидаги хабарларни шундай изоҳлади. Шу билан бирга, президент қизи "ўйлайманки, бизлар кўрган лавҳаларга қарашдан сўнг унга муносабат билдирмаслик, чуқур ҳиссиётга берилмаслик мумкин эмас".

Иванка Трамп, шунингдек, президент маслаҳатчиси сифатида Вашингтон нималар қилиши мумкинлигига доир ўз фикрларини билдирган, холос. Бироқ, бу фикр ўша вақтда Америка етакчиси хулосасига мос келган. 

Бундан аввалроқ, АҚШ президентининг ўғли Эрик Трамп The Telegraph нашрига берган интервьюсида, Иванка отасининг Сурияга зарба беришида катта таъсир кўрсатганини уқдирган эди. Independent газетаси эса, Трамп қизининг қараши бу масалада ҳал қилувчи ўрин тутгани ҳақида ёзганди. 

Эслатиб ўтамиз, АҚШ қуролли кучлари 7 апрелга ўтар кечаси Америка президенти буйруғига биноан Суриянинг Хомс вилоятидаги ҳарбий аэродромга 59та қанотли Tomahawk ракеталарини учирган эди. Вашингтон бу амалиётни 4 апрель куни эҳтимолий кимёвий қурол қўлланилганига жавоб деб атади.