Дунёдаги мавжуд кимёвий қуролларнинг 95 фоизи айни вақтга келиб йўқ қилинган. Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) бош директори Аҳмат Узумжи ташкилотнинг 20 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда шундай баёнот берди. 

"Бизнинг кимёвий қуролни батамом йўқ қилиш ва доимий тақиқлаш борасида амалга ошираётган биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз муҳим босқичга кирди, - дея қайд этган Узумжи. – Кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича конвенцияни бажариш 1997 йилда бошланди ва бутун бир оммавий қирғин қуролини йўқ қилишга қаратилди. 20 йил мобайнида Конвенцияга аъзо давлатлар ҳужжатда қайд этилган талабларни ҳаётга татбиқ этишди. Шу сабабли, айни вақтда, дунёдаги кимёвий қуролларнинг 95 фоизи йўқ қилинди".

Бош директорнинг айтишича, КҚТТ 20 йил давомида дунёдаги барча кимё саноатига дахлдор ташкилотлар ва компаниялар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйди. "Шу билан бирга, бизнинг ўзаро ҳамкорлик тармоғимиз ўсишда давом этмоқда ва халқаро ташкилотлар, илмий доиралар ва фуқаролик жамиятларини қамраб олмоқда, - деб қўшимча қилган Узумжи. – КҚТТнинг асосий вазифаларидан бири кимёвий қуролни келгусида пайдо бўлишига йўл қўймаслик экани эътиборга олинса, бу жуда муҳимдир". 

У, шунингдек, Миср, Исроил, КХДР ва Жанубий Суданни Кимёвий қуролни тақиқлаш конвенциясига тезроқ қўшилишга чақирди. Ҳозирда, БМТга аъзо 192 давлат ушбу ҳаракатга қўшилган. 

Унинг сўзларига кўра, Суриядаги вазия " КҚТТ учун ҳақиқий синов бўлган", бироқ ташкилот "ўзининг янги ва кутилмаган қийинчиликларга мослашувчанлигини намойиш эта олган". "Давом этаётган фуқаролик урушига қарамай, Сурияда кимёвий қуролни йўқ қилиш бўйича дастур амалга оширилди, - деган КҚТТ бош директори. – БМТ билан ҳамкорлик ва 30 дан ортиқ давлат ҳамда ЕИнинг қўллаб-қувватлаши муҳим ўрин тутди".

"Аммо, бизнинг Суриядаги фаолиятимиз поёнига етгани йўқ, - дея давом этган Узумжи. – Биз мамлакатда кимёвий қурол қўлланилаётгани тўғрисидаги хабарлардан жиддий ташвишдамиз".