Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси (Мажилис) «Қозоғистон Республикасининг баъзи конституцион қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишга киришди. Бу ҳақда депутат Нурлан Абдиров палаталарнинг мажлиси вақтида маълум қилган.

У бироз олдинроқ мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев «Қозоғистон Республикаси конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолаганини эслатиб ўтди. Ушбу қонунни ҳаётга татбиқ этиш учун «бир қатор қонунларга ўзгартиришлар киритиш зарурлиги таъкидланган".

«Тегишли ўзгартиришлар «Қозоғистон Республикасидаги сайловлар тўғрисида», «Қозоғистон Республикаси парламенти ва унинг депутатлари мақоми тўғрисида», «Республика референдуми тўғрисида», «Қозоғистон Республикаси ҳукумати тўғрисида», «Қозоғистон Республикаси президенти тўғрисида», «Қозоғистон Республикаси Конституцион кенгаши тўғрисида», «Қозоғистон Республикаси биринчи президенти - миллат етакчиси тўғрисида», «Қозоғистон Республикаси суд тизими ва судья мақоми тўғрисида» қонунларига киритилиши назарда тутилган», - дея маълумот берган Абдиров.

Шу йилнинг 10 мартида Нурсултон Назарбоев «Қозоғистон Республикаси конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолаганди. Ҳужжат билан мамлакат асосий қонунининг давлат тармоқлари ўртасида ваколатларни тақсимлашга қаратилган 23 та моддасига ўзгартиришлар киритилган. Тузатишлар парламент ролини кучайтириш, ҳукумат мустақиллиги ва масъулиятини оширишга қаратилган.

Ҳужжатда Қозоғистон мустақиллиги, унитар давлат эканлиги, ҳудудий дахлсизлиги ва бошқарув шакли ўзгармаслиги кафолатланишини конституция даражасида мустаҳкамлаш таклиф этилган.