АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари чоршанба куни Minuteman III қитъалараро баллистик ракетани синовдан ўтказади. У мамлакат стратегик ядро кучларининг асоси ҳисобланади, деб хабар бермоқда Washington Examiner нашри.

Нашр маълумотига кўра, ракета АҚШ ядро имкониятини кўрсатиб бериш мақсадида мамлакат ҲҲКнинг Калифорниядаги Ванденберг базасидан учирилади.

Қўшма Штатлар ҲҲК глобал зарбалар Қўмондонлиги вакилининг маълум қилишича, бу синов бир йил аввал режалаштирилган бўлиб, у Корея ярим оролидаги вазият билан боғлиқ эмас. 

"Minuteman III’ни учириш бизнинг миллий ядро кучларимиз мақомини текшириш, шунингдек, ядро имкониятларимизни кўрсатиб бериш учун керак", - дея маълум қилди ракетани учириш ҳақида буйруқ берадиган полковник Жон Мосс.

Маълумотларга кўра, Қўшма Штатларда ҳаммаси бўлиб 450 та Minuteman III ракетаси бор, улар камида 2020 йилгача қуролли кучлар захирасида бўлади.

Ракеталар 12 минг километр радиусдаги нишонни аниқ мўлжалга олиши мумкин. Улар Вайоминг, Шимолий Дакота ва Монтана штатларидаги базаларда жойлаштирилган.