ИШИД ва "Жабҳат-ан-Нусра" гуруҳлари ўзларининг мағлуб бўлишларини ҳис қилган ҳолларида усулларини ўзгартиришди ва амалда янги глобал террорчилик тармоғи ташкил этилди. Россия федерал хавфсизлик хизмати директор Александр Бортников Халқаро хавфсизлик бўйича Москва конференциясида шундай фикрни илгари сурди, деб хабар қилмоқда РИА Новости. 
 
"Йирик халқаро террорчилик гуруҳлар, хусусан ИШИД ва "Жабҳат-ан-Нусра" раҳбарлари ҳамда аввал фаолият юритган "Ал-Қоида" каби гуруҳларнинг қолдиқлари, батамом йўқ қилинишини сезганлари ҳолда ўз сиёсатларини ўзгартира бошлашди. Жумладан, улар жангариларини Афғонистон, Яман ва Африка қитъасининг ичкарисига ташламоқда. Бу ерларда янги базалари ва лагерларини барпо этмоқда. Гап янги кенг қамровли террорчилик тармоғи ҳақида бормоқда", — деган Бортников.