27-28 апрель кунларида Самарқанд шаҳрида «Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини кенгайтириш ва рақобатни ривожлантириш» мавзусидаги икки кунлик бизнес-форум бўлиб ўтади.

Унда юздан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилар, сотувчи ва харидорлар, савдо тармоқлари, давлат органлари, сармоядорлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари шериклик алоқаларини ўрнатиш, турдош тармоқлар ва савдони ривожлантириш бўйича инновацион ечимлар излаш, Марказий Осиёда мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини кенгайтириш мақсадида иштирок этишади. Қатнашчилар «Ургут»  эркин иқтисодий зонасига ташриф буюриши ҳам режалаштирилган.

Тадбир Марказий Осиёда рақобатбардошлик, савдо ва ишчи ўринларини ташкил қилиш бўйича USAID лойиҳаси, «Марказий Осиёда минтақавий савдога кўмак бериш» , GIZ дастури ва Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмак бериш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташкил қилинади.

Ушбу бизнес-форум Ўзбекистон компанияларига янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун хорижлик харидорлар билан алоқалар ўрнатиш имконини беради. Экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари ассортименти кенгайтирилиши ва ҳажми ортиши режалаштирилган.