Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдул Азиз ал-Сауд Россияга ташриф буюриш таклифини қабул қилди. Айни вақтда унинг ташрифи муддати муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Саудия подшоҳлиги ташқи ишлар вазири Одил ал Жубайр маълум қилди. У россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида шу ҳақда баёнот берди.

"Подшоҳ ташрифига доир масалада шуни айтиш мумкинки, таклиф келиб тушди, - деган у. – Бу таклиф қабул қилинди ва айни вақтда ушбу ташрифни амалга ошириш учун икки томонга мақбул бўлган муддат муҳокама қилинмоқда".

Ўз навбатида, Россия ташқи ишлар вазири Лавровнинг ёдга олишича, Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг яқинда Ар-Риёдга амалга оширган ташрифи чоғида мамлакат подшоҳи "РФ президенти Владимир Путиннинг таклифидан фойдаланган ҳолда унга қулай фурсатда Россияга боришини" тасдиқлаган эди.