Бир ўтиришда 2 литр пиво ичиш юрак уришини бузади ва юрак етишмаслиги ҳамда инфаркт эҳтимолини кучайтиради. 2015 йил Мюнхенда бўлиб ўтган «Октоберфест» фестивалида тадқиқот олиб борган олимлар шундай хулосага келишди. Тадқиқот натижалари European Heart Journal журналида эълон қилинди.

Олимлар фестивалнинг 16 куни давомида 3028 нафар кишини кузатиб, аввал юрак муаммосига дуч келмаган кишиларнинг юрак уришидаги ўзгаришлар улар истеъмол қилган пиво миқдорига боғлиқлигини ўрганишган. Октоберфестга ташриф буюрган ҳар учинчи киши аритмиядан азият чеккан. Аслида, бундай ҳолат мамлакат аҳолисининг атиги 4 фоизида кузатилади. Фестивалдаги ҳолатларнинг чорак қисмидан кўпи синусли тахикардия билан боғлиқ бўлган. 

Тўпланган маълумотлар таҳлили шуни кўрсатганки, алкоголнинг инсон қон массасининг бир килограммига тўғри келувчи ҳар бир грамми аритмия пайдо бўлиш эҳтимолини 75 фоизга оширади. Беш литр пиво ичилганида эса, 1 кг қонга 3 грамм алкогол тўғри келади. Аритмия, ўз навбатида, юракнинг вена томирларига уланган қисмида фибрилляция пайдо қилиши, бу кейинчалик юрак етишмаслиги ва инфаркт вужудга келишига асос бўлади 

Олимлар жамоаси алкоголли ичимликларнинг юрак фаолиятига қандай таъсир этиши борасидаги тадқиқотларни давом эттиришни режалаштирмоқда. Хусусан, тадқиқотчилар узоқ вақт мобайнида тажриба иштирокчиларини кузатиш ниятидалар.