Анқара Брюссель Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш масаласини чўзаётгани сабабли бу масала бўйича интилишини қайта кўриб чиқмоқчи. Европанинг баъзи давлатлари эса Туркияга умуман адоват билан қарайди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Reuters ахборот агентлигида чоп этилган интервьюсида маълум қилди. 

"Агар улар самимий бўлишмаса биз ортга йўл топишимиз керак. Биз нима учун бунга интилишимиз керак? Биз 54 йилдан бери музокаралар олиб бормоқдамиз" деб айтди Эрдўған ва Туркиянинг Европа Иттифоқида аъзо бўлиш масаласи умумий референдумга қўйилиши мумкинлигини қўшимча қилди. 

"Буюк Британия ўз халқидан сўради ва у Европа Иттифоқидан чиқиш учун овоз берди. Энди улар ишонч ва бамайлихотирлик билан янги келажак сари интилмоқдалар. Худди шундай Норвегияда ҳам бўлган. Эндиликда бу ҳолат Туркияда ҳам юз бериши мумкин", деб таъкидлаб ўтди Эрдўған ва Европа Иттифоқи "йўқ бўлиб кетиш ёқасида турганини" қўшимча қилди.

Европа кенгаши  парламент ассамблеяси депутатлари Туркиядаги вазиятни мониторинг қилиш жараёнининг қайта тикланиши учун овоз бердилар. Улар 1949 йилдан бери Европа кенгаши аъзоси ҳисобланмиш Туркияда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятдан хавотирланишмоқда. Бунга жавобан Туркия ташқи ишлар вазирлиги Европа кенгаши  парламент ассамблеяси билан муносабатларнинг қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.