Туркия ҳуқуқ-тартибот органлари мамлакатнинг 54 провинциясида Фатҳуллоҳ Гуленнинг FETO ташкилоти билан алоқадорликда гумон қилинаётган 803 кишини қўлга олди. Бу ҳақида Туркиянинг NTV телекомпанияси хабар берди

Манбага кўра, қўлга олинганларнинг аксарияти - полиция ходимлари. Операцияда 8 мингдан ортиқ полициячи иштирок этди.

Телеканалда маълум қилинишича, амалиёт тунда ўтказилган.

Туркия ҳукумати АҚШда яшаб келаётган Фатҳуллоҳ Гуленни 2016 йилнинг 16 июлга ўтар кечаси амалга оширилган давлат тўнтаруви ҳаракати ташкилотчиси деб ҳисоблайди. Ҳукумат исённи бостиришга муваффақ бўлди. Бунинг натижасида 241 нафар киши ҳалок бўлди, 2 мингдан ортиғи жароҳат олди. 

Туркия ИИВ раҳбари Сулаймон Сўйлунинг маълум қилишича, ўшандан буён мамлакатда Гулен ташкилоти билан алоқадорликда гумон қилинган 113 минг киши қўлга олинган.