АҚШнинг Uber транспорт компанияси учар автомобиллар ва уларнинг шаҳар шароитида вертикал учиши ва қўниши учун инфратузилма яратмоқчи. Бу ҳақда USA Today нашри хабар бермоқда. Бундай машинанинг ишчи прототипини 2020 йилгача яратиш ва Дубайдаги Бутунжаҳон кўргазмасида намойиш қилиш режалаштирилмоқда.

"Шаҳар авиацияси Uber учун мантиқий кейинги қадамдир. Айнан шунинг учун биз "Тугмани бос ва парвоз қил" деб ифодалаш мумкин бўлган ғояни амалга оширишга интилмоқдамиз", деб айтди компаниянинг янги маҳсулотларини яратиш дастури раҳбари Жефф Холден Далласда очилган Elevate Summit анжуманида.

NBC телекомпанияси шу муносабат билан Uber бу лойиҳани амалга оширишда 5 та автомобилсозлик компанияси, жумладан Бразилиянинг Embraer ва АҚШнинг Bell Helicopters компаниялари ҳамда Даллас ва Дубай шаҳри раҳбариятлари билан ҳамкорлик қилишини таъкидлаб ўтди. 

Айни вақтда бир нечта компания – Vahana номли машинани яратаётган Airbus Group аэрокосмик гигантидан тортиб Словакиянинг AeroMobil Flying Car стартапигача учар автомобиллар концепцияси устида иш олиб бормоқда. Словак стартапи яратган учар автомобиль ўтган ҳафта Монакода намойиш қилинганди ва 5 ўриндиқли машина учун буюртмалар олишга тайёрлигини эълон қилганди. Бу машинанинг нархи 2020 йилда етказиб берилиши бошлангандан кейин 1,3 млн доллардан 1,6 млн долларгачани ташкил қилиши мумкин. 

Кўргазмада намойиш қилинган яна бир учар автомобиль – Нидерландияда яратилган уч ғилдиракли PAL-V қурилмаси бўлиб, у "сертификатлаш жараёнидан ўтган илк тижорий учар машина" сифатида реклама қилинмоқда. Бу машина 180 км/соат тезлик билан парвоз қила олади ва нархи 400-600 минг доллар туради.

Телекомпаниянинг таъкидлашича, бу лойиҳаларнинг барчасидаги "минус" жиҳат шундан иборатки, учар машиналар ҳайдовчилари оддий ҳайдовчилик гувоҳномаларидан ташқари учувчи лицензиясини ҳам олишларига тўғри келади.