Япониянинг табиий офатлардан сўнг тиклаш ишлари вазири Масахиро Имамура бош вазир Синзо Абэга истеъфога чиқиш аризасини топширди. Бош вазир унинг сўровини қаноатлантирган. 

Бу ҳақда вазирнинг ўзи бош вазир қароргоҳига ташрифидан сўнг журналистларга маълум қилди. 

Имамура 25 апрель куни тантанали кечада чиқиш қилар экан, 2011 йилги цунамида жабрланганларга нисбатан ножўя сўзларни айтган. У 2011 йилдаги табиий офатдан кўрилган иқтисодий талофат 25 триллион иен (227 миллиард доллар) атрофида баҳоланаётганини айтиб, "яхшиямки, офат Тохокуда содир бўлгани (Хонсю ороли шимолида), акс ҳолда, яъни пойтахтга яқинроқ ҳудудларда юз берганида талофат миқдори жуда улкан бўларди", деган фикрни билдирган. Бу эса жамоатчиликда норозиликларни келтириб чиқарди ва мухолифат ушбу сўзларни табиий офатдан жабрланганларга нисбатан ҳурматсизлик деб баҳолади. Ўшанда, 20 мингга яқин киши табиий офат қурбони бўлган эди. 

Унинг ортидан сўзга чиққан Япония бош вазири Синдзо Абэ "Тохоку аҳолисини хафа қилиши мумкин бўлган" Имамура сўзи учун кечирим сўради.

Таъкидланишича, 3 ҳафта муқаддам Имамура Фукусима префектурасидан кўчирилган аҳолининг ўз жойларига қайтиш муаммоси уларнинг "шахсий иши" эканини айтган, кейинроқ, матбуот анжуманида шу саволни берган журналистга "ўзини тийиб ўтириш" ва "бошқа бу ерга келмаслик"ни буюрган эди. Ўшанда, Абэ вазирни ҳимоя қила олганди.