Англия премьер-лигаси учун ноодатий, «Юнайтед» учун сўнгги вақтларда одатий бўлиб қолган пайшанба кунида 26-турнинг қолдирилган учрашуви Манчестер дербиси бўлиб ўтади. Бу сафарги дерби ҳар қачонгисидан кўра, қизиқарлироқ ўтиши кутилмоқда. Сабаби айнан шу ўйин АПЛда кескин кураш кетаётган ЕЧЛ йўлланмаси тақдирини ҳал қилиши кутилмоқда. Tribuna.Uz Англияда мавсумнинг энг муҳим учрашувларидан бири ҳақида батафсил тўхталиб ўтади.

Англия премьер-лигаси
26-турнинг қолдирилган учрашуви

«Манчестер Сити» - «Манчестер Юнайтед» (27 апрель, 23:59, UzReport, Матч ТВ, Матч! Футбол 1).

Ўйиндан олдин

«Манчестер Сити»

«Шаҳарликлар» сўнгги вақтларда яхши спорт формасида эмас. Жамоа ўтган ҳафтада Англия кубоги ярим финалида «Арсенал»га  имкониятни бой бериб қўйиб, финал йўлланмасидан қуруқ қолди. Жамоа сўнгги ўнта учрашувнинг фақат 4тасида ғалаба қозона олган, холос. Нисбатан тенг кучли рақибларга қарши ўтказган бешта учрашувнинг учтасида дуранг, иккитасида мағлубиятга учраган.

«Манчестер Юнайтед»

Жозе Моуриньо жамоаси эса сўнгги ўйинлардаги муваффақиятлар эвазига яхши спорт формасига кириб олди. Жамоа 23 учрашувдан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда. Жамоа сўнгги марта 2016 йилнинг октябрида мағлубиятга учраганди. Дербидан олдин Моуриньо шогирдлари кетма-кет уч учрашувда, «Сандерленд» (3:0), «Челси» (2:0), «Бёрнли» (2:0) жамоаларини мағлубиятга учратиб, «Сити» билан орадаги фарқни бир очкогача қисқартиришга муваффақ бўлди.

«Манчестер Сити» яхши формада бўлмаса, «Манчестер Юнайтед»и таркибдаги муаммолар ўйлантирмоқда. Бироқ сўнгги ўйинлар кўрсатмоқдаки, айнан жамоанинг сўнгги учрашувлари кўриниш бераётган футболчиларнинг фойдаси кўпроқ тегмоқда.

Ўзаро ўйинлар

Бўлажак учрашув 174-Манчестер дербиси (Англия чемпионатида 156-ўйин, шунингдек Англия кубогида 9, Лига кубогида 7 ва суперкубокда 2 марта тўқнашган) бўлиб тарихга киради. Шу кунгача бўлиб ўтган учрашувларнинг 72тасида «МЮ», 50тасида «Сити» ғалаба қозонган. 51 учрашувда дуранг қайд этилган.

Премьер-лига ташкил этилган даврдан бошлаб эса, бу икки жамоа ўзаро 39 марта учрашган. «МЮ» ҳисобида 20, «Сити» ҳисобида 12та ғалаба мавжуд. 7 учрашувда дуранг қайд этилган. «МЮ» АПЛ доирасида «Сити» уйида жами 10та учрашувда зафар қучган.

«Манчестер Юнайтед» ҳамшаҳарларига қарши премьер-лига доирасидаги сўнгги 8 учрашувда фақат икки маротаба ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан. «Манчестер Сити» ўз уйида «Юнайтед»га қарши ўтказган сўнгги 4 ўйиннинг иккитасида мағлубиятга учраган.

Ўйинолди қизиқарли фактлар

Икки жамоа сўнгги марта 1994 йилнинг ноябрь ойида ҳафтанинг пайшанба кунида рўбарў келган ва ўшанда «Манчестер Юнайтед» 5:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Андрей Канчельскис ҳет-трикка эришган.

«Манчестер Юнайтед» бу учрашувда мағлубиятга учрамаса, ўзининг энг узун мағлубиятсиз серисини (2010/11 йил, 24 учрашувдан иборат) такрорлайди.

Хосеп Гвардиола бу учрашувда ғалаба қозонса, дебют мавсумидаёқ Манчестер дербсининг иккала учрашувини ҳам (биринчи даврада «Сити» «Олд Траффорд»дан ғалаба билан қайтган — 2:1) ютган учинчи мураббийга айланиши мумкин. Бу натижани ҳозирча Свен-Йоран Эрикссон ва Мануэль Пеллегрини уддалай олган холос.

Агар Серхио Агуэро бу учрашувда гол киритса, АПЛда кетма-кет олти учрашувда гол урган бўлади ва ўзининг шу кунгача ўрнатган энг яхши натижасини такрорлайди.

«Манчестер Юнайтед» меҳмонда ўтказган сўнгги 8 учрашувнинг 7тасида ғалаба қозонган, бир марта дуранг ўйнаган. Жамоа октябрдан буён ўз дарвозасидан биттадан ортиқ тўп олиб чиқмаяпти. «Манчестер Сити» эса ўз уйида ўтказган 15 учрашувнинг фақат 8тасидагина ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан. 6 дуранг, 1 мағлубият.

Йўқотишлар

«Манчестер Сити» яримҳимоячиси Илкай Гўндуған мавсум сўнггига қадар майдонга туша олмайди. Давид Сильва «Арсенал»га қарши учрашувда кичик жароҳат олганди. Шу сабабдан футболчининг бу сафарги ўйинда иштироки сўроқ остида қолмоқда. Серхио Агуэро эса майдонга тушиши кутилмоқда. Шунингдек узоқ танаффусдан сўнг Габриэл Жезус сафга қайтди, бироқ унинг жисмоний ҳолати учрашувни асосий таркибда бошлашга имконият бермаса керак.

Шунингдек, Пеп Гвардиола Жон Стоунз ва Бакари Саньянинг майдонга тушишга шай бўлишидан умидвор бўлиб турибди.

«Манчестер Юнайтед»да эса йўқотишлар бир мунча кўпроқ. Златан Ибраҳимович жиддий жароҳат олиб, яқин орада сафга қайтмаслиги аниқ бўлиб улгурганди. Хуан Мата анчадан буён ўйнамаяпти. Крис Смоллинг ва Фил Жонсда ҳам муаммолар бор. Энди уларнинг сафига Поль Погба ҳам қўшилди. Моуриньо ўйиндан олдин берган интервьюсида Антонио Валенсия ва Андер Эррера учрашувга тайёр эканини тасдиқлаб ўтган.