Ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, профилактика ишларини кучайтириш мақсадида Тошкент шаҳридаги таълим муассасаларидаги “давомат”лар,  ўқувчи ва талабалар томонидан дарс жараёнларини ўзлаштириб бориш ҳолатлари юзасидан 12та мактабда, 13та коллеж ва лицейда “Давомат” тадбирлари ўтказилди.

Ўтказилган тадбирлар давомида 14 нафар мактаб, 9 нафар коллеж, 5 нафар лицей ўқувчилари турли сабабларга кўра дарс машғулотларида қатнашмаётганлиги аниқланган. Тошкент ИИББда бўлиб ўтган матбуот брифингида шу ҳақда маълум қилинди. 

Шу билан бирга, 17та интернет-кафеларда ўтказилган рейдлар давомида, 14 нафар ўқувчилар дарс вақтларида, 3 нафар вояга етмаганлар тунги соат 22:00дан сўнг интернет-клубларига ташриф буюрганлари аниқланди.

Қонун бузган ҳамда фарзанд тарбиясига масъулиятсизлик билан ёндашиб келган 2та интернет-кафе маъмурияти ва 6 нафар ота-оналарга нисбатан маъмурий таъсир чоралари кўрилди.