Хитой ҳарбий кучлари (ҲК) армия гуруҳлари сонини 18 тадан 13 тагача қисқартиради. Бу ҳақида ХХР Мудофаа вазирлиги расмий вакили Ян Юйцзюннинг сўзларига асосланиб, ТАСС агентлиги хабар берди.

"Бундай ўзгаришлар мамлакатимизда янги турдаги модернизациялашган армияларни яратиш сари қўйилган асосий қадамдир. Натижада Хитой ҳарбий кучлари сон эмас, сифат тамойилига кўра шаклланади, бу эса уларнинг самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади", - дея таъкидлади у. 

2015 йилнинг ноябрида ХХР раиси Си Цзиньпин армияда кенг кўламли ислоҳотлар кутилаётгани ҳақида айтган эди. 2018 йилга бориб ҳарбий кучлар сони 300 минг кишига қисқариш билан бирга, ҲК ташкилий-штат тузилмасида ҳам ўзгаришлар кузатилади, уларнинг 2020 йилга бориб тугалланиши маълум қилинган.

Бир вақтнинг ўзида Хитойда армия эҳтиёжларига сарфланадиган харажатларнинг ўсиши кузатилмоқда: жорий йилда улар тахминан 7 фоиз (мамлакат ЯИМдан 1,3 фоиз) га ўсиб, - 1 триллион юандан (145 миллиард доллардан) ошади.