Россия ҳукумати мухолифатнинг 29 апрелда Москвада ўтказилиши белгиланган келишилмаган акцияси давомида қонунга хилоф ҳаракатлар юз берса, қонун доирасида бунга жавоб беради. Бу ҳақда Кремль расмий вакили Дмитрий Песков маълум қилди. 

"Москва шаҳри қонуний равишда йиғилиб, у ёки бу акцияларни ўтказиш имкониятини тақдим қилишга тайёрликни билдирган вазиятда яна қонунга хилоф ҳаракатларни амалга оширишга чорлаётган баъзи кимсалар борлигини биламиз. Шунга қарамасдан, барибир ноқонуний ҳаракатларга чақирувлар янграмоқда. Бу, албатта, ҳукуматнинг муносабатига – қонун доирасидаги мутлақ қонуний муносабатларга олиб келади", деб айтди Песков.

"Открытая Россия" ташкилоти 29 апрелда Москвада норозилик намойишини ўтказиш режасини эълон қилганди. Ташкилотчилар намойишни Ильинка кўчасидаги президент маъмурияти ёнида ўтказишга ариза беришган. Бироқ Москва мэрияси намойишни бошқа жойда ўтказишни таклиф қилган. Ташкилот координатори намойиш ўтадиган йўналиш ўзгартирилмаслигини айтган.