Сурия суверенитетини ҳурмат қилиш ва минтақада тарангликнинг авж олишига олиб келадиган ҳаракатлардан тийилиш керак, деб айтди журналистларга Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Исроилнинг Дамашқ аэропорти яқинига берган зарбасига изоҳ бериб.

Аввалроқ САНА ахборот агентлиги ҳарбий манбага иқтибос келтирган ҳолда Исроил Дамашқ аэропортидан жанубдаги ҳарбий объектлардан бирига бир нечта ракета зарбаси берганини маълум қилганди. Reuters ахборот агентлиги маълумотларига кўра, ҳужумдан мақсад Ливаннинг "Хизбуллоҳ" ташкилоти омборини йўқ қилиш бўлган. 

"Биз ҳанузгача барча давлатлар шундоқ ҳам нотинч бўлган минтақада тарангликнинг ошишига олиб келадиган қандайдир ҳаракатлардан тийилишлари керак деб ҳисоблаймиз, Сурия суверенитетининг ҳурмат қилинишини ва Сурия сиёсий томондан яхлит, ягона ва суверен давлат бўлишини қўллаб-қувватлаймиз ", деб таъкидлаб ўтди Песков. 

Песков Тель-Авив Россия раҳбариятини зарбалар ҳақида олдиндан огоҳлантирганини билиш мақсадида берилган саволга "Москва ва Исроил ўртасида турли каналлар бўйича ахборот алмашинуви олиб борилишини" айтди.

"Бизнинг бош штаблар мунтазам мулоқот жараёнидалар", деб қўшимча қилди Песков.

Россия ташқи ишлар вазирлигида ҳам Сурия суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирилди. Вазирлик расмий вакили Мария Захарова Москва Дамашққа қарши тажовузкор ҳаракатларни қоралашини айтди.

"Ҳизбуллоҳ" вакиллари Сурияда ҳукумат армияси томонда жанг қиладилар. Ҳаракат жангчилари Пальмира, Ҳалабнинг озод қилиниши операцияларида фаол иштирок этганлар. Исроил, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Араб давлатлари лигаси бу ташкилотни террорчилик ташкилоти деб ҳисоблаб келади.