20 апрель куни сайтимизда «Оғриқли прописка муаммоси қачондир ижобий ҳал этиладими: вазият ва мулоҳазалар» сарлавҳаси таҳририятимизга ўзларини қийнаётган прописка муаммоси билан пойтахт ва Тошкент вилоятида яшаётган икки фуқаронинг мурожаатлари остида мақола эълон қилинган эди.

Мурожаатчилардан бири — Олмазор туманида яшовчи Ш.Ҳамроева 7 йил турмуш қурганига қарамасдан асли жиззахлик бўлган турмуш ўртоғини у яшаётган уйга прописка қилинишини мутасаддилар пайсалга солиб келишаётганидан шикоят қилган эди.

Муштарийимизнинг бугун таҳририятга телефон қилиб билдиришича, унинг оиласини кўп йилдан буён қийнаб келаётган муаммо ижобий якун топиш арафасида. Олмазор туманининг янги ҳокими А.Тўхтаев сайёр қабулхонасида унинг шикоятини атрофлича ўрганиб чиққан. 

Ҳокимлик юристи шу вақтгача унинг мурожаатларига умумий жавоб бериш билан чеклангани танқид остига олинган. Шу ҳолатда ҳам, Ш.Ҳамроева яшаётган манзил келажакда бузилиш режасига киритилгани учун, гарчи қонунчиликда бу ҳолат назарда тутилмаган бўлса ҳам, юрист сайёр учрашувда Ш.Ҳамроевнинг турмуш ўртоғига прописка тақдим этишга қаршилик билдирган. Туман ҳокими оиланинг 7 йиллик турмушини инобатга олиш, вазият бир оиланинг бузилиб кетишига сабаб бўлиши, оила яқинда фарзанд кутаётганини, Ш.Ҳамроеванинг турмуш ўртоғининг прописка қилиниши учун қонунчиликда ҳеч бир тўсиқ йўқлигини айтиб, юристга зудлик билан ҳокимлик қарорини чиқариш вазифасини топширган.

«Муаммоим юзасидан жавоб хатини Тошкент шаҳар ИИБга жўнатиш учун қўнғироқ қилганимда, мурожаатим Кун.уз интернет-сайтида чиққани учун «интернетга очиқдан-очиқ чиқариб юборибсиз, ўзингизни босиб юринг, гапингизни ўйлаб гапиринг, ўзингизга эҳтиёт бўлиб юринг», дея қўрсроқ жавоб беришганидан кайфиятим бироз тушганини ҳисобга олмасам, кўп йиллик муаммоим ҳал бўлаётгани учун барча мутасаддилардан хурсандман, таҳририят ходимларига эса беминнат ёрдами учун ташаккур билдираман», — деди Ш.Ҳамроева.

Таҳририятдан: Албатта, шиори халқ манфаатларини ҳимоя қилиш бўлган орган ходимларининг фуқароларга ёрдам бериш ўрнига, турли важларни рўкач қилиб, фуқаронинг муаммосини ҳал қилиб бермаслиги, минг тешикка бош урган фуқаро ҳақини талаб қилиб, тўртинчи ҳокимиятга мурожаат қилгандан сўнг унга нисбатан бундай қўрс муомалада бўлиш, боз устига, таҳдид қилиш куракда турмайдиган ҳолат.