Жорий йил 1 июнидан Миср араб республикасида янги электрон визалар амал қила бошлайди. Бу ҳақда Миср туризм вазири Муҳаммад Яҳё Рашид Дубайда бўлиб ўтган Араб туризм форумида маълум қилди

"Янги тизим сабабли дунёнинг исталган бурчагидаги сайёҳлар электрон визани сўрашлари мумкин", - дея вазир сўзларини келтиради Egypt Independent газетаси. 

Ушбу чора Миср аэропортларида назоратдан ўтиш жараёнини соддалаштириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилиши керак. Миср туризм вазирлиги тахминларига кўра, бу йил ушбу мамлакатга 8-10 млн сайёҳ келиши мумкин. Бундан ташқари, янги тизим хавфсизлик кучлари зиммасидаги айрим вазифаларни технологияларга бериш имконини беради. 

Март ойида МАР коммуникациялар ва ахборот технологиялари вазири Ёсир ал-Кадий янгилик туфайли сайёҳлар виза олиш учун элекрон шаклни тўлдириши кифоя қилишини айтган эди. Ҳукумат унинг мамлакатга киришини тасдиқласа, виза нусхаси сайёҳнинг электрон почта манзилига юборилади.