Франция пойтахти Париж шаҳрида юзлаб ўқувчилар мамлакат президентлиги учун сайловдаги икки номзод  — собиқ иқтисодиёт вазири Эммануэль Макрон ва "Миллий фронт" партияси етакчиси Марин Ле Пенга қарши намойишлар ўтказишди.

Намойишчилар мактаб ва лицейлар олдидаги йўлларни ёпиб қўйишган. Улар "Ле Пен ҳам эмас, Макрон ҳам эмас" шиорларини ҳайқиришган.

Шундан сўнг турли кўчалардан чиққан намойишчилар Республика майдонига юриш бошлаган. У ердан эса Бастилия майдонига йўл олишган. Намойишчилар йўл давомида кўплаб дўконларнинг ойналарини синдиришган, ўт ёқишган.

Марш ҳукумат билан келишмасдан ўтказилганди. Ўқувчилар полицияга қарата тош ва бутилкалар ирғитган. Полициячилар намойишчиларни кўздан ёш сиздирувчи газ орқали тарқатган.

23 апрель куни Францияда президентлик сайловининг биринчи тури ўтказилган ва унда 11 номзод иштирок этганди. Натижаларга кўра "Маршда" ҳаракати раҳбари Эммануэль Макрон 24,01 фоиз, Марин Ле Пен эса 21,3 фоиз овоз олди ва улар иккинчи турга ўтишди. Франциянинг янги президенти номи 7 май куни ўтказиладиган иккинчи турдан кейин маълум бўлади.

OpinionWay томонидан чоршанба куни ўтказилган сўров натижаларига кўра, иккинчи турда Ле Пенга 40 фоиз, Макронга эса 60 фоиз киши овоз бериши кутилмоқда.