Россиянинг Калининград шаҳрида мамлакат ФХХ томонидан “Ислом жиҳоди – мужоҳидлар жамоати” террорчилик гуруҳининг 12 нафар аъзоси қўлга олинди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, марказий осиёлик фуқаролар мазкур террорчилик ташкилоти аъзолари бўлиши мумкин.

Россия махсус хизматларининг ходимлари Ўзбекистонда қидирувда бўлган ва мазкур гуруҳ етакчиси ҳисобланган шахсни аниқлашган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан берилган маълумотга кўра, у Калининград вилояти аҳолиси, шунингдек, Марказий Осиёдан келган фуқароларни террорчилар гуруҳи сафига ёллаш билан шуғулланган.


Қўлга олинганлар зарур кўрсатмаларни беришмоқда. Жумладан, улар ўз қариндошлари ва яқинларининг террорчилик гуруҳларидаги ҳаракати ҳақидаги маълумотларни ҳам тақдим этишган.