27 апрель куни Япония бош вазири икки кунлик ташриф билан Россияга келмоқда. Музокараларнинг асосий мавзуси Курил оролларини биргаликда иқтисодий ўзлаштириш бўлади. Ташриф дастурига мувофиқ, Абэ Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларига ташриф буюриши кутилмоқда. 

Москва шаҳрида Россия президенти Владимир Путин ва Япония бош вазири Синдзо Абэ музокаралар ўтказади. Икки давлат етакчилари Курилни ўзлаштириш мавзусини давом эттиради. Москва буни тинчлик шартномасини имзолаш йўлидаги қадам деб ҳисоблайди. Кун тартибида, шунингдек, яна бир муҳим мавзу КХДР ядро муаммоси ҳам бўлиши мумкин. Токио Корея ярим оролидаги хавфсизлик муаммоларини ҳал этишда Москванинг фаол иштирок этишини кутмоқда. 

Томонлар Россия раҳбарининг 2016 йил 15-16 декабрдаги Японияга ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг ҳаётга татбиқ этилиши масаласини муҳокама қилишади, дейилади Кремль маъмурияти сайтида. Синдзо Абэ яна бир марта Курил ороллари билан боғлиқ кўп йиллик тортишувда олға силжишга эришишни қасд қилган. 

Олий даражадаги музокаралар чоғида Курилнинг жанубий оролларини биргаликда иқтисодий ривожлантириш масалалари атрофлича ўрганилади. Япония Курил оролларининг Хамобаи, Итуруп, Кунашир ва Шикотан оролларини ўзига тегишли деб ҳисоблайди. 

Ушбу оролларни Иккинчи жаҳон уруши якунларига кўра қўлга киритган Россия эса, бу оролларнинг қайтарилишига доир масала умуман муҳокама қилинмаслигини таъкидлаб келади. 

Япония ушбу оролларни иқтисодий ўзлаштириш борасида 30дан ортиқ соҳада ҳамкорлик қилишни таклиф этаётган бўлса, ўз навбатида, Россия балиқчилик, тураржойларни қуриш ва таъмирлашда ҳамкорликни илгари сурмоқда. Бундан ташқари, томонлар Курил оролларининг геоэнергетика салоҳияти ва балиқ консервалаш йўналишларида ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқишади. 

Синдзо Абэ Россиядан сўнг Лондонга йўл олади. Бу ҳақда Япония ҳукумати бош котиби Ёсихидэ Суга маълум қилди. Бу Абэнинг Тереза Мэй Буюк Британия бош вазири лавозимига келганидан кейинги илк ташрифи бўлади.