Cassini зонди тарихда биринчи бўлиб Сатурн ва унинг ҳалқалари орасидаги ҳудудга кириб борди ва у ерда олинган илк суратларни Ерга узатди. Ноёб парвоз далиллари Миллий аэронавтика ва космик кенгликни тадқиқ қилиш (NASA) бошқармасининг сайтида намойиш қилинди. 

"Буюк тадқиқотчилар анъаналарини давом эттириб, Cassini янги йўлни босиб ўтди ва бизга янги мўъжизаларни намойиш этди", - деди NASA'нинг сайёраларни тадқиқ қилиш бўлими бошлиғи Жим Грин.

Cassini томонидан йўлланган суратларда Сатурн атмосферасининг ўзига хослигини мисли кўрилмаган яқин масофадан кўриш мумкин.

"Ҳеч бир космик қурилма ҳеч қачон Сатурнга бу қадар яқинлашмаган. Мен Cassini Сатурн ва унинг ҳалқалари ўртасидаги ушбу кенгликдан ўтганини маълум қилишдан хурсандман", - деди Cassini миссияси раҳбари доктор Эрл Мейз.

Cassini зонди 1997 йилнинг 5 октябрида Ердан кўтарилган ва 2004 йилнинг 1 июлида Сатурнга етган. Шундан кейин зонд бир неча йил давомида сайёра орбитасида бўлиб, унинг йўлдошлари ҳақида маълумотлар тўплаган.

2017 йилнинг 26 апрелида Cassini Сатурн ва унинг ҳалқалари ўртасидаги кенглик томон йўналтирилди. Космик зарралар билан тўқнашувларнинг олдини олиш учун қурилманинг айлана антеннаси ўзига хос қалқонга айлантирилди, бу алоқанинг вақтинчалик узилишига олиб келди.

Cassini миссияси тугашига қадар зонд Сатурн ва унинг ҳалқалари ўртасига яна 21 "шўнғиш"ни амалга ошириши керак (кейингиси 2 майга мўлжалланган). Шундан сўнг унинг бортида ёқилғи тугайди ва 2017 йилнинг сентябрида қурилма Сатурн атмосферасида ёниб кетиши керак.