2017 йил 27 апрель куни “Туркистон” саройида ўқувчи ёшларнинг “Бирлашиб, биз – катта кучмиз!” шиори остида бўлиб ўтадиган тарбиявий, маънавий-маърифий ва маданий тадбири мамлакатда ёшларга бўлган катта эътиборнинг ёрқин намунаси ҳисобланади, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу тадбирга Халқ таълими бош бошқармаси, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси тизимидаги таълим муассасаларида таълим олаётган ўқувчилар жалб этилган. 

Тадбир мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ўзида мужассам этиб,  ёшлар кайфиятига байрам шукуҳини улашувчи ва ўз тақдирини Ватан тақдири билан боғлаган, ўзини шу юртнинг содиқ фарзанди деб билган барча ёшларни Она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи  ёшлар фестивали кўринишини олди.

Унда ўсмир ёшларнинг ютуқлари ва иқтидорини акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этилади. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолиятини акс эттирувчи стендлар намойиш этилади. Тадбирга ташриф буюрган ёшлар учун таниқли кино, театр актерлари ва санъаткорлари билан фотосуратга тушиш имкони яратилади. Сарой фойесида китоблар кўргазмаси ташкил этилади.

Шунингдек, тадбир доирасида ёшлар орасида турли салбий иллатлар, интернет ва компьютер ўйинларининг салбий оқибатлари ёрқин мисоллар билан очиб берилади. Уларни турли хавф-хатарлардан асраш, тинчликсевар ва ватанпарваликни тарғиб қилиш, илм ва касб-ҳунарга интилишини оширишга қаратилган видеофильм намойиш этилади.

Бу каби тадбирлар жорий йилнинг июнь ойида шаҳарнинг барча туманларда ўтказилиши кўзда тутилган.