Киев ҳукумати Қрим чегараларида ҳарбий қисмларни кўпайтирмоқда. Бу ҳақда Қрим ҳукумати аъзоси Заур Смирнов хабар берган.

Смирновнинг таъкидлашича, ишончли манбалар орқали олинган маълумотларга кўра, Украина армияси шу ҳафта Қрим билан чегара яқинида навбатдаги ҳарбий машқлар ўтказишни режалаштирган. Бу сафар сувдаги тўсиқлардан ўтиш бўйича машғулотлар олиб борилади. Шу билан бирга, ярим орол ҳукуматини ҳеч ким бу ҳақда хабардор этмаган.

"Сўнгги ойда турли ҳарбий гуруҳлар жалб этилган ҳолда бир неча машқлар бўлиб ўтди. Биз буни чегарада хавотирли вазиятни юзага келтиришга уриниш, деб баҳолаймиз", - дея айтиб ўтган Смирнов РИА Новости’га.

Украина Қуролли кучларининг “Жануб” қўмондонлигида кейинчалик Қрим билан чегарадош бўлган Херсон вилоятида алоҳида денгиз-пиёда бригадасининг жанговар машқлари бошланиши тасдиқланди.

Смирновнинг сўзларига кўра, Киев қуролларини кўрсатган ҳолда қуруқликдан ҳам, денгиздан ҳам ишончли ҳимояланган қримликларни ва жорий йилда ярим оролга боришни истаган сайёҳларни қўрқита олмайди.

"Қрим шунингдек, украиналик туристлар учун ҳам очиқ", - дея таъкидлаб ўтган агентлик суҳбатдоши.